← К описанию

Рахматулла Усманов - Қурилишда меҳнатни мухофаза қилиш



© Рахматулла Усманов, 2024


ISBN 978-5-0062-8666-5

Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero

КИРИШ

Қурилишда меҳнат шароитлари саноат корхоналаридаги меҳнат шароитларидан кескин фарқ қилади. Агар саноат корхоналарида иш жойлари озми кўпми ўзгармас ва ишловчи узоқ вақт ўрнатилган технология операцияларини муқим ускуналарда бажарса, қурилишда эса унинг бутун қурилиш вақти даври давомида қурилаётган объект периметри ва баландлиги бўйича иш жойи узликсиз силжиб боради. Иш жойида меҳнат шароитлари ҳам ўзгариб боради: иш жойи қулай ва ноқулай (ишловчини танаси ҳолатини мажбурий ўзгаришига боғлиқ равишда), хавфли ва хавфсиз бўлиши; у пастда ва юқорида, хона ичкарисида ва хона ташқарисида бўлиши мумкин.

Қурувчига тез-тез қурилаётган бинода ноқулай шароитларда силжишга, қўлда материалларни, асбобларни, мосламаларни, баландликда ишлаш ва тўсиқлаш воситаларини силжитишга тўғри келади. Унга очиқ ҳавода ёқимсиз метеорология шароитларида: иссиқ ва совуқда, нам об-ҳавода ва кучли шамолда ишлашга тўғри келади. Шунинг учун қурилишда иш жойларида ишларни хавфсиз бажарилишини таъминлаш халқ хўжалигининг бошқа тармоқлари ва саноат корхоналариникидан кўра анча мураккабдир.

Қурилиш ташкилотларини иқтисодий самарадорлигини ошириш, барқарор ва узликсиз ривожлантиришга меҳнат жамоаси барча аъзоларининг фаол меҳнат қилиши ва уларни ҳаёт фаолиятини хавфсизлигини таъминланиши, барча хавф-хатарлар таъсирини бартараф этилиши, ресурслар ва тадбиркорлик имкониятларидан, фан-техника тараққиёти ва унинг янгиликларидан самарали фойдаланилиши ҳамда ижтимоий ривожлантиришга кафиллик берилиб эришилади.

Қурилиш ташкилотларида фан ва техника тараққиёти натижалари асосида, замонавий техникалардан фойдаланиб қурилишда бино ва иншоотларни тезкор қуриб битириш технологияларини жорий қилиш, машиналар комплексларининг «одам-машина» тизимини мураккаблашувига, меҳнат хусусиятларини ўзгаришига, меҳнат жараёнида янги хавф-хатарларни вужудга келишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида хавфсизликни таъминлаш масалаларига жиддий эътибор берилишини, меҳнат жараёнида аввал сезилмаган ва қурилишни интенсив технологияларини амалга оширишда машиналар комплектларини тадбиқ этилишидан янгидан вужудга келган хавф-хатарларни доимий равишда ўрганилиши, уларни бартараф этишни машиналар системасини самарадорлигини таъминлаш муаммолари билан уйғунликда ечиш эса, жуда кўп капитал маблағлар ва юқори даражадаги ишлаб чиқариш маданиятини талаб қилади. Бундан, меҳнатни мухофаза қилиш вазифаларини ечмасдан туриб юқори ишлаб чиқариш маданиятига эришиш ва капитал маблағларни камайтириш мумкин эмаслиги келиб чиқади.

Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқаришдаги барча нохуш ҳолатлар бартараф этилиши мумкин бўлган сабаблар оқибатида пайдо бўлади. Шунинг учун, ташкилотлар иш берувчиларидан мавжуд қонунларни бузилишига ва меҳнат жамоаси манфаатларини суистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, меҳнатни мухофаза қилиш қоидаларига, технология ва меҳнат интизомига риоя қилиш ҳамда ночор кун кечиришлар оқибатидаги бефарқликлар, бахтсиз ҳодисалар ва касалликлар туфайли ишга чиқмасликлар, ишчи кучининг қўнимсизлиги ташкилот ва унинг жамоаси учун кўп миқдордаги иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлишини эсда тутишлари талаб этилади.

Қурилиш ташкилотлари ишлаб чиқаришидаги авариялар ва бахтсиз ҳодисалар тахлили ишлаб чиқариш жароҳатланишлари ва касб касалликларига чалинишларнинг асосий сабаблари меҳнат ва технология интизомини бузилиши, персоналнинг касбий тайёргарлик даражасининг пастлиги, хавфсизлик соҳасида унинг малакасизлиги, техноген хавфлар ва улардан ҳимояланиш методларини билмаслиги, яъни, кўпчиллик ҳолларда, инсон омили нохуш оқибатларнинг бош сабабчиси бўлишини кўрсатади. Шунинг учун қурилиш ташкилотларидаги замонавий ишлаб чиқаришнинг хавфлари ва зарарларини ўрганиш турли даражадаги мутахассисларни касбий тайёрлашни таркибий қисмларидан бири бўлади.